АҚШнинг Кливленд шаҳрида суд икки нафар афроамерикалик қотиллигида айбланган полиция ходимини оқлагандан кейин афроамерикалик аҳоли орасида норозилик намойишлари бошланди.

Ушбу қотиллик юзасидан полициячи Майкл Брилога айблов қўйилган эди. 2012 йилда полиция томонидан таъқиб қилиш пайтида аввал судланган ва руҳий носоғлом, муайян яшаш жойига эга бўлмаган ва гиёҳванд ҳисобланган Малисса Уильямс ва Тимоти Рассел исмли афроамерикаликлар отиб ўлдирилган эди. Улар полициянинг тўхташ ҳақидаги талабларига бўйсунишмаган ҳамда қуролланганликлари тахмин қилинган.

13 нафар полициячи гумондорларга қарата умумий ҳисобда 137 марта ўқ узган. Кейинроқ Уильямс ва Расселда қурол бўлмагани аниқланган. Суд Брилога қурбонлар айнан унинг ўқларидан ҳалок бўлгани исботланмагани учун оқлов ҳукмини чиқарди. Қолган полициячиларга қарши айблов қўйилмаган.

Намойишчилар суд биноси олдида ҳукм чиқарилиш пайтида йиғила бошлашган. Ҳукм чиқарилгандан кейин улар шаҳар бўйлаб тарқаб, бир нечта кўчаларни тўсиб қўйишди. 200га яқин киши дафн маросимига ўхшаш маросим уюштириб, қуролсиз бўлган қурбонларнинг ўлдирилишига қаршилик сифатида кўчаларда бўш тобут олиб юришган.

Маълумотларга кўра, полиция маҳаллий ресторанлардан бирига номаълум буюм отган эркак кишини қўлга олган ҳамда “Квикен Лоэнс-арена” спорт мажмуаси олдида намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар рўй берган, уч киши ҳибсга олинган.

Яна бир гуруҳ одамлар Кливлендда ярим йил олдин полиция томонидан отиб ўлдирилган, қўлида ўйинчоқ тўппонча олиб кетаётган 12 ёшли боланинг қотиллиги жойида йиғилишни бошлашган.