Греция июнь ойида Халқаро валюта жамғармасига қарзини тўлаш учун навбатдаги траншни ўтказмайди, чунки мамлакатда бу учун пул қолмади. Бу ҳақда Греция Ички ишлар вазири Никос Вуцис маълум қилди.

“ХВЖга июнда тўланадиган транш миқдори 1,6 млрд еврони ташкил қилади. Бу пуллар ўтказилмайди, чунки ўтказиш учун ҳеч нима йўқ”, деб айтди вазир телекўрсатувлардан бирининг эфирида.

Апрель ойи бошида Вуцис Греция ХВЖга навбатдаги тўловни ўтказиб бера олмаслигини таъкидлаб ўтган. Унинг айтишича, ўшанда Афинада бор-йўғи ярим ойга етадиган пул қолган эди, бироқ ҳукумат учун маошлар ва пенсияларни тўлаш қарзни тўлашдан муҳимроқ бўлган. Аммо шунга қарамай пуллар муддатида тўлаб берилган.

Грециянинг кредиторлар олдидаги умумий қарздорлиги 320 млрд еврони ташкил қилмоқда. Греция муаммосининг моҳияти шундаки, олинаётган молиявий ёрдам аввал олинган қарзларни ёпиш учун сарфланмоқда. Вазият шуниси билан чуқурлашмоқдаки, ҳозирги ҳукумат ҳокимиятга халқаро кредиторлар томонидан суқилаётган қаттиқ тежамкорлик сиёсатидан воз кечишга ваъда қилган ҳолда келган. Вазият жуда кескинлашиб кетса, ҳаммаси Грециянинг дефольт эълон қилиши ёки еврозонадан чиқиб кетиши билан якунланиши мумкин.