24 майда эрталабки пайт турли давлатлардан ташриф буюрган фаол аёллар Корея яриморолидаги қуроллардан холи бўлган ҳудудни кесиб ўтишди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

15та давлатдан 30 нафар фаол аёллардан ташкил топган гуруҳ Шимолий Кореядан қуроллардан холи бўлган ҳудуд орқали Жанубий Кореяга 1950 йилда бошланган ва 1953 йилда якунлангани расман эълон қилинмаган Корея урушининг тугалланганлиги муносабати билан юриш ўтказишди. Юришда Австралия, Буюк Британия, Зимбабве, Колумбия, АҚШ, Швеция ва Япония вакилалари иштирок этишди.

Бироқ АҚШда иккала Кореянинг бирлашиши истиқболидан унча ҳам хурсанд бўлишмаяпти. Агар Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасида тинчлик сулҳи имзоланса, бу Вашингтон учун Жанубий Корея ҳудудида 28 минг ҳарбий хизматчини жойлаштириш ҳамда Сеулга Шимолий Кореядан ҳимояланиш учун катта миқдорда қурол-аслаҳа савдосидан воз кечилишини англатади.

Юриш пайтида фаолларни 300 нафардан кўпроқ кореяликлар қўллаб-қувватлади. Аёллар “Корея бирдам” деган қўшиқни куйлашди. Қўшиқ омма томонидан илиқ кутиб олинди.