Канада хоккей уюшмаси Чехида бўлиб ўтган хоккей бўйича жаҳон чемпионатининг финал учрашувидан кейин рўй берган кўнгилхиралик юзасидан Россия хоккей федерациясининг узрини қабул қилди. Бу ҳақда Россия хоккей федерацияси президенти Владислав Третьяк маълум қилди.

Россиялик хоккейчилар 17 май куни Прагада жаҳон чемпионатининг финалида канадалик хоккейчиларга 1:6 ҳисобида мағлуб бўлганди. Россияликлар учрашувдан кейин иштирокчиларни тақдирлаш маросимида Канада мадҳияси янграшини кутмасдан майдонни тарк этди.

Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель россиялик хоккейчиларнинг хатти-ҳаракатларини “куракда турмайдиган ҳолат” деб атаган.

“Халқаро хоккей федерацияси билан вазият яхши ривожланмоқда. Мен канадаликларга узрнома юбордим, улар уни қабул қилишди ҳамда келгусида ҳамкорликни давом эттиришларини ва ҳеч қандай муаммолар йўқлигини айтишди. Балки қандайдир жарима солиниши мумкиндир. Бу тасодифан юз берди, исталган хоккейчимиздан сўрашингиз мумкин, тушунмовчилик бўлди. Канадаликлар билан муносабатларимиз яна аввалгидек қолади”, деб айтди Третьяк.