"Барселона" жамоасининг бразилиялик ҳимоячиси Дани Алвес матбуот анжумани вақтида ўзининг жамоадаги кейинги тақдири ҳақидаги саволларга жавоб берди. У ўз фаолиятини ўз меҳнатлари қадрланадиган жойда давом эттиришини айтиб ўтган.
"Келажак ҳақида аниқ гап айта олмайман. Жамоа билан 30 июнь кунигача шартномам мавжуд. Мен ҳозирда олдимизда турган ўйинларда мухлислар ҳурмати учун ўйнаш ҳақида ўйлаяпман", дейди Алвес.

"Шуни айтишим керакки, жамоа раҳбарияти менинг ўйинимни етарлича баҳоламаяпти. Кейинги ўйинларда мен ўзимнинг жамоада қанчалик муҳим ўрин тутишимни исботлаб қўймоқчиман. Лекин, айни вақтда бир қўлим, бошим ва танам "Барселона"дан ташқарида турибди. Мен бутун борлиғим билан жамоадаман, лекин директорлар кенгашига бир қўлим кифояга ўхшаяпти", деб давом этади футболчи.
Шунингдек, у жамоада қолишини пул эмас, ўзига бўлган эътибор ҳал қилишини айтиб ўтган.

"Улар гап пулда деб ўйлашяпти. Лекин, мен пул ҳақида ўйлаётганим йўқ. Агар меҳнатингнинг қадрига етишмаса, меҳнат қилгинг келмайди. Ўйлашимча, раҳбарият учун баъзи футболчиларнинг бор ёки йўқлиги аҳамиятсиз. Айни вақтда, мен кетсам, мен жамоа учун қилган хизматларни эслаб юришади, деб ўйламаяпман", дея сўзларини якунлайди Алвес.
Бироз олдинроқ, бу футболчининг "ПСЖ" жамоасига ўтиши ҳақида хабарлар тарқалганди.