Россия президенти Владимир Путин “кўнгилсизлик”ларни ўз фойдасига ҳал қилишни билади, деб ёзмоқда The Daily Mail нашри. Газетанинг таъкидлашича, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Москвага 9 майда ўтказилган Ғалаба парадига келишни рад этганда, Россия етакчиси Кэмеронга нисбатан “ҳийла ишлатишга” қарор қилди.

Кэмерон ўрнига VIP-ўринларни Бирлашган Қироллик арктик соқчи кўшинларининг 3 нафар фахрийси эгаллади. Москвага Эрни Кеннеди, Жефф Шелтон ва Дэвид Крэйг исмли фахрийлар ташриф буюрди. Улар бевосита Путиннинг орқасида, Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг ёнида ўтирди ва улар шундай “нуфузли” жойларда ўтиргани сабабли бутун дунё оқ берет кийган ва медаллар таққан уч британиялик уруш фахрийсини кўришга муваффақ бўлди.

Бундан ташқари, фахрийлардан икки нафари Кэмеронни парадга келмагани учун танқид қилишди ва британ ҳукумати ўзининг “тарбиясиз боладек” тутаётганини айтди. Британия номидан тадбирда Уинстон Черчиллнинг набираси, парламент аъзоси Николас Соамс қатнашди.

“Президент Путин бизга энг яхши жойларни тақдим этди. Фикримча, Путин бизларни Кэмероннинг ўрнига Бирлашган Қиролликни намоён қилаётганимизни кўрсатиб қўйишни истади”, деб айтмоқда 98 ёшли фахрий Шелтон. Шелтон Кэмерон парадга келиши керак эди, деб айтди. “Ҳукумат нима деб ўйлаётгани ёки Украинада нима бўлаётгани аҳамиятсиздир, урушда қурбон бўлган 20 млн руслар хотирасини рад этиш тубанлик ва қўполликдир”, деб қўшимча қилиб ўтди Шелтон.

“Руслар бизларга ўзини “тарбиясиз боладек” тутаётган ҳукуматимиздан кўра яхшироқ муносабат билдирдилар. Мен ҳарбий кучлар намойиш этилаётганда бизга урушни ютишга ёрдам берган миллионлаб руслар ҳақидагина ўйладим”, деб таъкидлаб ўтди 90 ёшли қария Крейг.