Япониянинг Саитама шаҳрида Saitama International Fair-2015 Халқаро фестивали бўлиб ўтди. Бу форум доирасида Ўзбекистоннинг Токиодаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон маданияти ва санъати тақдимоти ўтказилди.

Тақдимот меҳмонлари ўзбек халқининг анъанавий мусиқий ижоди, миллий кийим-бошлари, халқ-амалий ижодиётининг турли турлари билан танишишлари мумкин бўлди. Шунингдек, улар юртимизнинг тарихи, маданияти ва урф-одатлари, архитектура ёдгорликлари ва диққатга сазовор масканлари ҳақида батафсил маълумот олдилар.

Тадбир доирасида “Гулистон” япон ансамбли чиқиши уюштирилиб, ансамбль томонидан “Тановар”, “Муножот”, “Дилхирож”, “Лазги” ва бошқа ҳалқ рақслари ижро этилди.

Ўтказилган тақдимот япон жамоатчилигига ўзбек маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишиш, юртимизда рўй бераётган воқеалар, турли соҳалардаги ютуқлардан бохабар бўлиш имконини берди.