Malaysia Airline авиакомпанияси Boeing 777-200ER лайнерларининг бир нечта ҳалокатидан сўнг ялпи ребрендинг ўтказишга қарор қилди. Бу ҳақда компаниянинг янги бош директори Кристоф Мюллер Reuters агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Мюллер компания старт-ап сингари янги ном, янги бренд билан иш бошлашини таъкидлаб ўтди.
Айтилишича, компания бизнесни реструктуризация қилиб, персонални 30 фоизга қисқартириши, ноихтисослик активларидан қутулиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда компания структурасида 20 минг киши меҳнат қилади.

Мюллернинг ҳисоб-китобларига кўра, компания бугун рақобатчиларидан даромадлари бўйича 20 фоизга ортда қолмоқда. Аммо, шу билан бирга, кейинги уч йил давомида рақиблардан ўзиб кетишга барча имкониятлар мавжуд.

“Мени қисқа муддат ичида янги компанияни ишга туширишим учун ёллашди. Бизнинг вақтимиз ва имкониятларимиз чекланган”, – тан олди бош директор.

2014 йилда содир бўлган иккита авиаҳалокат компаниянинг молиявий кўрсаткичларига кучли зарба берди. 8 март куни МН370 рейси билан Куала-Лумпурдан Пекинга учаётган Boeing 777-200ER лайнери бортидаги 239 йўловчи билан ғойиб бўлди. Унинг ҳатто қулаган ери ҳам бугунги кунга қадар топилгани йўқ.

Иккинчи ҳалокат ўтган йилнинг 17 июлида содир бўлди. MH17 Амстердам — Куала-Лумпур рейсини амалга ошираётган Boeing 777-200ER лайнери Украинанинг Торез шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Самолёт бортидаги барча 298 киши ҳалок бўлди.