Марадона Блаттерни “аҳмоқ ва ўғри” дея кескин танқид қилди

Спорт 26 Май 2015 2526

Аргентиналик собиқ футболччи Марадона ФИФA раҳбари Йозеф Блаттернинг яна ташкилот президенти лавозимига ўз номзодини қўйганидан ғазабланмоқда.

“Охирги йилларда футбол яхши томонга ўзгаргани йўқ. Унинг бош ишчи органи коррупция майдонига айланди. Блаттер раҳбарлигида ФИФA шармандагарчилик ва бемаъниликка айланди, футболга ҳақиқатда бефарқ бўлмаганларнинг барчаси шундай фикрда. Замонавий дунёда бирор одам беш маротаба кетма-кет битта раҳбар лавозимни эгаллаши қабул қилинмаган, бу БМТ тамойилларига ҳам зид келади, бундай ҳолат демократик давлатларда содир бўлмайди, бироқ ФИФA учун оддий ҳол. Биз бутун умр якка ҳоким бўлишни истаётган одамга йўлиқдик.

Мен одамлардан Блаттернинг бешинчи муддатга ўз номзодини қўйгани ҳақида сўраганимда ҳар доим бир хил жавоб оламан: “У кимнингдир ҳимояси, хайрихоҳлиги ва ҳомийлиги остида йиллар давомида ишонч қозонган”. Бироқ ҳеч ким у ҳақиқатдан ҳам шу лавозимга лойиқлигини ва энг яхши номзод эканлигини, ғалаба қозонишини айтмаяпти.

Кўпчилик Блаттерни доимо қамоқ жазосидан қочишга муваффақ бўладиган қари мафиозига қиёслайди. У ирқчилик билан курашиши ва аёл футболини ривожлантиришини ваъда қилмоқда. Бу менда савол уйғотмоқда. Унда у қолган тўрт муддати давомида нима билан шуғулланди? Буни ҳамма билади: ўз атрофини чўнтакларини футбол ҳисобига қаппайтирган қаллоблар билан ўраб олган. Агар у ростгўй одам бўлганда, ўз вақтининг ярмини ФИФA молиявий фаолиятининг ташқи текширувларини тўхтатиш учун ишлатган бўлармиди?”, дейди Марадона.

“Нима учун бу 79 ёшли айёр тулки бешинчи муддатда ҳам президент бўлиши керак? Унинг ҳамтавоқлари ўз хоналаридаги мебелдан бошқа ҳамма нарсани ўғирлаб бўлишди, Блаттер эса ҳеч нарсани билмаслигини айтяпти. Балки биз уни Авлиё Зепп Бегуноҳ жаноблари дейишимиз керакдир? Блаттер ўзини бехабардек тутмоқда. Агар ташкилот зиён кўраётган бўлса, ҳамма пора олаётган бўлса ва сен ҳеч нарсадан бехабар бўлсанг, унда сен ёки ахмоқ, ёки ўғрисан. Бу барча аксилкоррупцион терговлар футболни нафратланиш ботқоғига ботирмоқда. Камдан-кам спорт турлари футболчалик танқид қилинади. Бунинг аксарияти Блаттер сабабли содир бўлмоқда.

Футболнинг асосий ҳомийлари ундан воз кечишди. Европа кенгашлари Блаттерни 100 млн долларлик зиёнларда айблашмоқда. Федерал қидирувлар бюроси 2022 йилги Жаҳон чемпионати мезбони қандай танлангани ҳолатини текширмоқда. Бизга ёш, ижодкор ФИФA раҳбари керак. Бизга мафия маданияти эмас, футбол маданияти керак. Биз футбол қайтишини истаймиз”, деб Марадонанинг айтган сўзларини келтириб ўтди The Telegraph нашри.

Маълумот учун, 29 май куни Цюрихда FIFA президентига сайлов бўлиб ўтади. Сайлов арафасида Нидерландия қироллик футбол уюшмаси президенти Михаэль ван Прааг ва португалиялик афсонавий футболчи Луиш Фигу ўз номзодларини қайтариб олди. Энди бу лавозимга фақатгина икки номзод – ФИФАнинг амалдаги президенти Йозеф Блаттер ва Осиё бўйича ФИФА вице-президенти, Иордания шаҳзодаси Али ибн Ал-Хусайн даъвогарлик қилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар