Қозоғистон Олий суди “Суд кабинети” ахборот сервисининг мобил версияси устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Zakon.kz сайти хабар бермоқда.
Нашрнинг эслатиб ўтишича, жорий хизмат ўтган йили олий суд органининг расмий сайтида ишга туширилган. Унинг ёрдамида фуқаролар судга турли даъво аризалари, апелляциялар ва кассацион шикоятлар юбориши мумкин.

Агар 2013 йилда “Электрон ҳукумати” портали орқали 17 539 электр ҳужжат олинган бўлса, 2015 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра “Суд кабинети” хизматига 57 778 ҳужжат келиб тушган.
Эндиликда сервисдан смартфонлар орқали фойдаланса бўлади. “Мобил суд кабинети” иловаси онлайн-порталнинг кўпчилик сервислари билан синхронлаштирилган, у орқали нафақат аризалар ва бошқа турдаги ҳужжатлар юбориш, балки суд йиғилишлари иштирокчилари тақвимини кўриш, кўриладиган ишлар рўйхати билан танишиб чиқиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, илова фойдаланувчилари ўзаро махсус чат орқали фикр алмашиши ва ижтимоий тармоқларда суд янгиликларини улашиши мумкин бўлади.
Айни пайтда илова синовдан ўтказилмоқда, яқинда у Apple (Apple Store) ва Google (Play Market) компанияларининг онлайн дўконларига чиқарилади.