Регби бўйича Осиё чемпионатининг учинчи дивизионидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистон жамоаларининг ўзаро ўйинлари 27 ва 30 май кунларида Тошкент вилояти ҳудудидаги Юқоричирчиқ тиманида жойлашган "Дўстлик" стадионида ўтказилади. Бу ҳақда "Газета.уз" нашри хабар тарқатган.

Осиё чемпионатининг биринчи босқичидаги ўйинларни ўтказиш учун 3 дивизион ташкил қилинган: Шарқий, Марказий-жанубий ҳамда Ғарбий. Марказий-жанубий дивизиондан Ўзбекистон термаси Ҳиндистон ва Покистон билан биргаликда жой олганди. Лекин, покистонликлар маълум сабабларга кўра турнирда иштирок эта олмасликларини билдиришган.

Эндиликда Ҳиндистон билан ўтказиладиган икки ўйин натижасига кўра, кейинги босқичга чиқувчи жамоа номи аниқ бўлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон регби терма жамоаси ўтган йилда Лаҳор шаҳрида Ҳиндистон терма жамоаси билан учрашув ўтказган ҳамда 23-17 ҳисобида ғалаба қозонганди.