Украинанинг Львов вилоятида жойлашган Ожидов қишлоғида бўлиб ўтган оммавий ибодат чоғида 26 нафар мактаб ўқувчиси хушидан кетиб қолди. Бу ҳақда Украинанинг “Вести” нашри хабар бермоқда.
Болалардан 6 нафари шифохонага ётқизилди.

Болалар ота-оналари билан бирга йиғилиш залида тўпланиб, эстафета тарзида бутун Украина бўйлаб олиб юрилган биби Марям иконаси олдидаги тинчлик учун оммавий ибодатда иштирок этаётган эди. Тез ёрдам фельшери Мария Колесникнинг айтишича, ибодат чоғида болаларнинг бир қисми аҳволи ёмонлашаётганидан шикоят қилган. Айримларининг кўнгли айниган, айримлари эса қорни оғриётганидан нолиган.
Аниқланишича, тор залда кўп одам тўплангани боис айрим болалар хушини йўқотган.