Жорий йилда Ўзбекистондаги оромгоҳларда 287 минг нафардан ортиқ бола ёзги таътилни ўтказади. Бу ҳақда Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи раиси ўринбосари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Танзила Норбоева УзА мухбирига маълум қилган.

"2015 йилги мавсумга ҳар йилгидан ҳам кўра пухта тайёргарлик кўрилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш концепцияси”га мувофиқ ташкил этилаётгани натижасида болаларни соғломлаштиришга оид ишларни янада такомиллаштириш, ихтисослаштирилган оромгоҳлар кўламини кенгайтириш, улар фаолиятини мазмунан бойитиш имкони яратилди. Мазкур тизимли ишлар натижасида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга фақатгина ёз мавсумида эмас, балки йил давомида тайёргарлик кўрилиб, барча ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига эришилмоқда. Натижада йилдан-йилга соғломлаштириш ишларининг сифати яхшиланиб бормоқда. 2012 йилда 252 мингдан ортиқ ўғил-қиз дам олдирилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 287 мингни ташкил этмоқда", дейди у.

Ёзги соғломлаштириш мавсуми 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунидан бошланади. Бу йилги мавсумда жами 1 минг 149 оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Шундан 213таси стационар оромгоҳ, 795таси кундузги оромгоҳ ва 141таси меҳнат ва дам олиш оромгоҳидир. Мавсум давомида 287 минг 171 болани соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 151 мингдан ортиғи стационар оромгоҳларга, 135 мингдан кўпроғи эса кундузги оромгоҳларга жалб этилади. Ушбу мақсад учун жами 39 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши режалаштирилган. 

Жорий йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам тизимли ишлар амалга оширилиши белгиланган. Хусусан, давлатимиз ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4,5 минг бола – Қорақалпоғистон Республикасидан 3 минг, Хоразм вилоятидан 1 минг 500 ўғил-қиз Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олади. 

Касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган оилаларнинг 50 минг фарзанди жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли, Меҳрибонлик уйларининг 2 минг тарбияланувчиси ва жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланмалар билан таъминланади. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 2 минг она-бола биргаликда дам олдирилиб, саломатлиги мустаҳкамланади. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг 600 нафар фарзанди ва ота-онасиз болалар бепул дам олдирилади. Бундан ташқари, касаба уюшмалари ва «Маҳалла» жамоат фонди ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларнинг 100 нафар фарзанди Самарқанд вилоятидаги «Золотинка» оромгоҳида бепул соғломлаштирилади. Навоий кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда вилоятдаги Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманларидаги кам таъминланган оилалар 500 нафар фарзандининг имтиёзли равишда ҳордиқ чиқаришини таъминлаш кўзда тутилган. 

Бу йилги мавсумни юқори савияда ташкил этиш мақсадида Республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи таркибидаги ишчи гуруҳлар томонидан ҳам бир қатор янгиликлар жорий этилди. Жумладан, жорий йилда кундузги оромгоҳлар фаолиятини такомиллаштириш, мазмун жиҳатидан бойитиш мақсадида «Кундузги соғломлаштириш оромгоҳида болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш тартиби тўғрисидаги низом» ишлаб чиқилди. Мазкур низом асосида кундузги оромгоҳнинг кунлик фаолияти тажриба сифатида соат 8.00 дан 14.00 гача давом этади. Оромгоҳ ёзги майдонча сифатида ташкил этилиб, унда махсус дастурлар асосида болалар учун маданий-маърифий, спорт тадбирлари, тўгараклар фаолият юритади. Болажонлар иссиқ овқат билан таъминланади. Мазкур турдаги оромгоҳларда болаларни дам олдириш 30-40 минг сўмни ташкил этса, ота-оналар унинг 10 фоизини тўлайди, холос. Қолган харажатлар касаба уюшмалари ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бу йилги мавсумда оромгоҳлар фаолиятини мазмунан бойитиш мақсадида болаларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда турли ихтисослашган оромгоҳлар фаолияти ташкил этилади. Жумладан, 220 ихтисослаштирилган оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. 14 интеллектуал ривожлантириш, 14 ҳарбий-спорт, 8 ижтимоий-мослашув, 14 экологик-биологик, 14 техник ижодкорлик, 14 бадиий ижодкорлик, 141 меҳнат ва дам олиш оромгоҳи шулар сирасига киради. 

Ҳар йилгидек бу йил ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан Тошкент вилоятидаги «Қуёшли» болалар соғломлаштириш оромгоҳида интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилиб, унда турли фанлар бўйича ўтказилган «Билимлар беллашуви» ғолибларидан 500 нафари касаба уюшмалари томонидан бепул соғломлаштирилади. Шу турдаги оромгоҳлар ҳар бир ҳудудда ташкил этилади. Уларда «Билимлар беллашувлари»нинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 100 нафар иқтидорли ўқувчи дам олдирилади. Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда 14 ҳудуднинг ҳар бирида ҳарбий спорт-соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилади. Уларга жойлардаги вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари рўйхатида турувчи 1 минг 500 бола жалб этилади.