Европа Иттифоқи ва Швейцария банк ахбороти алмашинуви борасида келишув имзолади. Таъкидланишича, ушбу қадам солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалга оширилган.

“Имзоланган ҳужжатга кўра икки томон ўз резидентларининг банк ахборотини автоматик тарзда алмашишга келишиб олишди”, – дейилади Европа комиссияси матбуот хизмати тарқатган хабарномада.
Иқтисодий ва молиявий масалалар бўйича еврокомиссар Пьер Московиси ушбу келишув ЕИ ва Швейцария ўртасидаги муносабатларнинг шаффофлигини янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди.