АҚШ Юстиция вазирлигининг маълум қилишича, 27 май куни порахўрликда гумон қилиниб, қўлга олинган 14 нафар амалдорнинг 4 нафари ўз айбларига иқрор бўлишган. Шунингдек, ҳозирда ташкилотда ишламаётган яна икки нафар собиқ ходим ҳам ўз қилмишини тан олган. Бу ҳақда Рейтер хабар бермоқда.

Бироз олдинроқ, ФИФА ижроқўми вице-президенти Жеффри Уэбб ва Эухенио Фигередо, КОНКАКАФнинг собиқ президенти ва ФИФАнинг собиқ вице-президенти Жек Уорнер ҳамда яна 11 нафар ФИФА амалдори Цюрихда АҚШ Федерал бюроси ходимлари кузатувларидан кейин қўлга олингани хабар қилинганди.

Кейинроқ, ҳибсга олинган бошқа амалдорнинг ҳам исми ошкор қилинди: Эдуардо Ли, Хулио Роча, Костас Таккас, Рафаэль Эскивель, Хосе Мария Марин ва Николас Леос.

Қайд этишларича, спорт маркетинги соҳасида фаолият олиб борувчи тўрт мутахассис - Алехандро Бурсако, Аарон Дэвидсон, Уго Жинкис ва Мариано Жинкис ҳам ҳибсга олинган.

Ноқонуний тўловларни амалга оширишда кўмак кўрсатгани учун Хосе Маргулис қўлга олинган.