22-24 май кунлари Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс Фарғона водийсига ташриф буюрди.

Элчи Андижонда Андижон давлат университети ректори А.Йўлдошев томонидан илиқ кутиб олинди ҳамда университетнинг француз тили кафедраси талабалари ва ўқитувчилари билан учрашув ўтказди.

Фарғона шаҳрида элчи француз тили ихтисослаштирилган 3-сонли мактабга француз тилида ёзилган китоблар ва асарлар совға қилди ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги вакили жаноб Сулайманов билан учрашди. Бу учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилишди. Марғилон шаҳрида Жак-Анри Эльс лионлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик қилувчи ипак матолар ишлаб чиқаручи “Ёдгорлик” фабрикасига ташриф буюрди.

Франция элчиси 23 май Фарғонадаги “Ал-Фарғоний” маданият ва истироҳат боғида ўзининг ҳамкасби, Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг ва маҳаллий ҳокимият вакили билан “Sirk.uz” номли кўча цирки томошаларининг очилишида иштирок этди. Бу томоша Франция ва Германия элчихоналари ҳамда Ўзбекистон давлат цирки билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, 21 майда Тошкентда намойиш қилинган эди. Томошада франциялик дорбозлар, германиялик акробатлар ва ўзбекистонлик цирк артистлари иштирок этишди.