Тай бокс бўйича халқаро даражадаги спорт устаси, Жермен Йеп исмли жаҳон чемпиони маҳаллий спорт марказларидан бирининг тай бокс мураббийлари билан ҳазиллашишга қарор қилди. Спортчи қиз ўзини тажрибасиз қилиб кўрсатиб, тай бокс бўйича машғулотга келади ва мураббийларга ўз устидан тўйгунларича мазах қилишга имкон беради. Бироқ спарринг бошланганда ҳаммаси бошқача кўриниш олди, деб хабар бермоқда Mirror нашри.

Чоп этилган видеодаги лавҳаларда Жермен Йеп дунёдаги энг хавфли яккакураш турларидан бири бўлган тай бокс машғулотига келиб, мураббийлардан бу курашнинг асосларини кўрсатишни сўрагани акс этган. Қиз мураббийлар уни таниб қолмасликлари учун кўзойнак тақиб олиб, ўзини бўшангина қизларга ўхшатиб кўрсатган.

Мураббийлар қизни зарбалар оғриқли бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб, унинг юзлари ва оёқларига бир неча марта зарбалар беришган. Қиз нўноқлик билан ҳимояланишга ҳаракат қилган ва бироз танаффус қилишни сўраган. Бир оз дам олиб, чемпион қиз бор маҳоратини ишга солиб, мураббийларни ер тишлатди.