Tinkoff-Saxo жамоасининг машҳур испаниялик велопойгачиси Альберто Контадор “Джиро д'Италия” велопойгасининг 15-босқичида мухлислардан бирининг қўлидаги селфи олиш учун мўлжалланган таёқни уриб туширди.

Велопойгачилар тоққа кўтарилаётганларида бир мухлис таёққа маҳкамланган монопод билан суратга олмоқчи бўлган. Контадор унинг қўлидаги селфи учун мўлжалланган таёқни кўриб, уни мухлис қўлидан уриб туширди.

Аввалроқ велопойганинг 6-босқичида трассада мухлислардан бири велопойгачилар маррага етиб келаётганларини камерага олмоқчи бўлганда велопойгачилар орасида тўқнашув содир бўлган эди. Бунинг оқибатида Контадор елкасидан жароҳат олган, яна бир спортчи Даниэле Колли қўлини синдириб олганди.

Маълумот учун, Альберто Контадор замонамизнинг энг кучли велопойгачиларидан бири ҳисобланади. У 2 марта “Тур де Франс” (2007, 2009), 3 марта “Испания Вуэльтаси” (2008, 2012, 2014) ва бир марта “Джиро д'Италия” (2008) мусобақасининг ғолиби бўлган.