Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Абдуғаниевичнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 2015 йилнинг 26 май куни Сеул шаҳрида Ўзбекистон-Корея бизнес форуми бўлиб ўтди.

Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан ташкил этилган форум ишида Корея томонидан 300дан ортиқ иштирокчи, шу жумладан Корея ҳукумати, савдо, саноат ва энергетика, ташқи ишлар, коммуникациялар, инфратузилма, қурилиш ва транспорт, қишлоқ хўжалиги ва минтақавий тараққиёт вазирликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Шунингдек, тадбирда Корея газ корпорацияси, "Lotte group", "Samsung", "LG", "Hyundai", "Hanjin group", "Korean Air", "GM Korea", "GS", "Posko", "Xanva", сингари кўплаб етакчи корейс компаниялари, Эксимбанк, Корея ривожланиш банки, "Корея эксчендж банк", "Шинхан банк" ва бошқа молиявий институтлар ҳам қатнашди.

Бизнес-форумда сўзга чиққан ахборот-коммуникация технологиялари тармоғи вакиллари Ўзбекистонда ушбу соҳанинг жадал ўсиш суратлари ва катта истиқболларини таъкидлашди.
Хусусан, "Lotte Chemical" компанияси президенти Ху Су Йонг қайд этганидек, "сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик, қулай сармоявий муҳит, табиий ресурсларнинг салмоқли захиралари ва замонавий ривожланган инфратузилманинг мавжудлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ҳар томонлама кўмак Устюрт ГКМни қуриш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишни таъминлаган муҳим омиллар бўлди.

"Қатор нуфузли халқаро нашрлар томонидан нефть-кимё соҳасидаги энг яхши лойиҳа ва тез ривожланаётган бозорлардаги энг яхши сармоявий лойиҳа сифатида эътироф этилган бу юқори технологик қувватнинг қурилиши яқин муддатлар ичида муваффақиятли тарзда якунланишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бу мажмуа республикада жаҳон бозорларида катта талаб мавжуд бўлган, юқори қўшилган қийматга эга юқори сифатли полиэтилен, полипропилен ва пиролизин маҳсулотларини катта миқёсда ишлаб чиқаришни таъминлайди", дейди Ху Су Йонг.