“Барселона” футбол клубининг собиқ яримҳимоячиси Роналдиньо ўзининг юртдоши, “Ливерпуль” ва Бразилия терма жамоасининг ҳужумкор яримҳимоячиси Филиппе Коутиньонинг каталон клубига ўтиши жоизлиги ҳақидаги ўз фикри билан ўртоқлашди.

“Коутиньо ажойиб мавсум ўтказди. У Европада майдоннинг ўрта чизиғида тўп сурган энг яхши ўйинчилардан бири бўлди. Филиппе ўзини яхши намоён қила олмаган клубда тўп сургани ҳисобга олинса, унинг бу натижаси янада аҳамиятлироқ кўриниш олади.

Менинг Коутиньо номидан ёки “Барса” номидан гапиришга ҳаққим йўқ. Бироқ “Барселона” қандай сифатдаги ўйинчиларни қидирса, бу барча сифатлар Филиппеда мавжуд.

Кўп йиллик фаолиятидан кейин Хави “Барса”ни тарк этди, Иньестанинг ёши 30дан ошган – бунга эътиборни қаратиш лозим. Шуларни ҳисобга оладиган бўлсак, “Барселона” ва Коутиньо бир-бирларига жуда мос тушган бўларди.

Буюк футболчилар билан ўйнаганингда сен янада яхшироқ томонга ўзгарасан. “Барселона”да Коутиньо нафақат унвонларга эришади, балки майдонга Неймар, Месси, Суарес ва Иньеста каби футболчилар билан бирга тушиб, ўйинчи сифатида янада такомиллашади”, деб айтмоқда Роналдиньо.