Россияда компьютер технологиялари ишлаб чиқарувчилари Россиянинг “Эльбрус” процессори негизида 10 кг келадиган ноутбук яратди.

Гаджет вазнига кўра кундалик ишлатишга мўлжалланмаган кўринади ва ҳозирги ўлчамлар бўйича ўзига хос кўрсаткичларга эга. Компьютер такт частотаси 800 МГц ли 4-ядроли “Эльбpуc-4С” процессорида ишлайди. Процессор 65 нм технологияси бўйича бажарилган ва 64-битли ҳисоблашларни қўллаб-қувватлайди. Компьютер DDR3-1600 туридаги хотира билан ишлай олади.

Компьютер ихтирочиларининг айтишича, янги қурилма фақатгина Россияда ишлаб чиқарилган компонентларга асосланган. Қурилманинг нархи 150 минг рублни ташкил қилади. Дисплей ўлчамлари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, бироқ унинг кўрсатиш қобилияти 1024 х 768 нуқтани ташкил қилади. Операцион тизими сифатида Linux (Windows XP операцион тизимини ўрнатиш имконияти билан) ўрнатилган. Қайд қилиш жоизки, бу ноутбукнинг ажабланарли жиҳати шундан иборатки, унинг батареяси қуввати бор-йўғи 1 соат ишлашга етади.