Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида 68 ёшли пенсионер юрак хуружидан сўнг ўликхонада ўзига келди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар бермоқда.

“Отам бу воқеадан ҳалигача ўзига келолмаяпти. У ўзига келганда, мурдалар орасида ётганини тушуниб етган. Уни ўша ерда санитарлар пайқаб қолишган. Дастлаб улар қўрқиб кетишди, кейин эса ўзларига келиб, унинг устига халат ташлаб, жонлантириш бўлимига олиб бориб, шовқин кўтармасликка кўндиришга тушишган”, деб айтмоқда пенсионернинг қизи Ирина Гречко.

Ушбу қария шифохонада зотилжам касалидан даволанаётган бўлган, бироқ кучли таъсир қилувчи дорилар қабул қилганидан кейин унда юрак хуружи юз берган. Шундан кейин уни ўлдига чиқариб, патологоанатомик бўлим, яъни ўликхонага жўнатишган.

Пенсионернинг қизи бу воқеадан бир кун ўтиб, отасини кўргани борганда хабар топган. Шифохонадагилар пенсионер ва унинг яқинларига “қари одамнинг кўзига ҳар хил нарсалар туюлиши мумкинлигини айтиб, ушбу ҳолат юзасидан шовқин кўтармасликни” тавсия қилишган.

Аёл отасини даволаган шифокорларнинг йўл қўйган ўз хатолари ва “ўлим” ташхиси қўйганликларини тан олишларига эришмоқчи.