Польшалик таржимон Януш Крзизовский Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонини поляк тилига таржима қилди. Бу ҳақда "Телеграф.уз" сайти хабар бермоқда.

Польшалик таржимон Януш Крзизовский Алишер Навоийнинг ғазал ва рубоийларини поляк тилига ўгириб, китоб ҳолида чоп эттирган эди. 2013 йилда «Лисон ут-тайр» асарини ҳам таржима қилган ва бу асар ҳам польшалик китобхонлар қўлига етиб борганди.

Яқинда Крзизовский Алишер Навоийнинг «Хамса» асаридаги «Лайли ва Мажнун» достонини поляк тилига таржима қилди ва жорий йилнинг май ойида китоб ҳолида чоп этилди.

Януш Крзизовскийнинг таърифлашича, замона шоирлари форс тилида ижод қилаётган бир даврда Навоий туркий тилда «Хамса» яратиб, ўз тилини, халқини улуғлаган. Навоий нафақат буюк иқтидор эгаси, балки жуда меҳнатсевар ҳам бўлган. Унинг асарлари 20 томни ташкил этади. У Шарқ шоирлари орасида тенгсиз.

“Навоий шу даражада маҳоратлики, биргина «Лисон ут-тайр» ҳар қандай китобхонни ўзига ром этади. Мен бу асарни польяк тилига ўгирдим ва 2013 йилнинг 24 декабрь куни китобнинг биринчи нусхаси қўлимга тегди”, деди у.