Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) АҚШ ва Швейцария томонидан ФИФАга нисбатан ўтказилаётган тергов ўтказилишини қаршилайди ва бу ҳолат футболдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга ёрдам беради, бироқ ташкилотнинг нуфузига салбий таъсир кўрсатади, деб ҳисобламоқда ФИФА президенти Йозеф Блаттер.

27 майда Цюрихда коррупцияда гумон қилинган ФИФАнинг бир неча нафар амалдорлари, жумладан, ФИФА ижроия қўмитаси вице-президентлари Жеффри Уэбб ва Эухенио Фигередо ҳамда Эдуардо Ли, Хулио Рока, Костас Таккас, Рафаэль Эскивель, Хосе Мария Марин ҳибсга олинди. Яна бир қатор амалдорларга айбловлар эълон қилинди. Улар орасида Шимолий ва Марказий Америка ҳамда Кариб ҳавзаси давлатлари футбол конфедерациясининг собиқ президенти, яқин ўтмишда ФИФА вице-президенти лаозимини эгаллаган Жек Уорнер ва Николя Леос ҳам бор.

“Футбол, мухлислар ва ФИФА учун жуда оғир вақтлар бўлмоқда. Биз кўпчилик одамларнинг умидлари пучга чиққанини англамоқдамиз ва бугун бўлиб ўтаётган воқеалар ташкилотга нисбатан жамоатчиликнинг муносабатига ўз таъсирини ўтказади. Бу воқеалар қанчалик аянчли бўлмасин, биз АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари томонидан ўтказилаётган терговларни қўллаб-қувватлаймиз”, деб айтди Блаттер.