Буюк Британияда дунёда энг кекса ёшдаги бир тухум ҳужайрадан дунёга келган эгизаклар, опа-сингил Флоренс Дэвис ва Гленис Томас вафот этди. Бу ҳақда The Daily Mail нашри хабар бермоқда. Нашрнинг таъкидлашича, опа-сингил Девис ва Томас 103 ёшида бир ой фарқ билан дунёдан кўз юмишди.

Эгизаклар 1911 йилда, “Титаник” кемасининг ҳалокатга учрашидан бир йил аввал дунёга келишган. Улар иккита жаҳон уруши, фуқаролик ҳуқуқи учун ҳаракат, транспорт ва технологиялардаги тараққиётнинг гувоҳи бўлишди. Опа-сингиллар бир-бирларига қўшни бўлиб, ёнма-ён яшашган ва ҳеч қачон ўзларининг Жанубий Уэльсдаги Абертридур қишлоғидаги уйларини тарк этишмаган. Улар уйлари ошхонасидан очиланган эшик орқали бир-бирлариникига кириб туришган.

Томас 23 апрелда, Дэвис 20 майда вафот этди. “Улар оддий ҳаёт кечирганлар, ҳеч қачон хорижга бормаганлар, улар бирга бўлганларидан доимо бахтиёр бўлганлар”, деб айтмоқда Томаснинг қизи, 65 ёшли Гвенда Стейси.

Томас ўз ортида бир қиз, 3 набира, 9 эвара ва бир нафар чевара, Дэвис эса 3 фарзанд, 9 набира ва 12 эвара қолдириб кетди.

Аввалроқ 73 йил бирга ҳаёт кечирган эр-хотин бир кунда 5 дақиқа фарқ билан ҳаётдан кўз юмганлари маълум қилинганди.