Компьютер ўйинлари ишлаб чиқарувчи Electronic Arts компанияси FIFA 16 компьютер ўйинига футбол бўйича аёллар миллий терма жамоаларини қўшишини маълум қилди. Бу ҳақда компаниянинг матбуот баёнотида айтилмоқда.

Компьютер ўйинлари яратувчиларининг айтишларича, ўйинда дунёнинг энг кучли 12 та аёллар терма жамоалари – Австралия, Бразилия, Канада, Хитой, Англия, Франция, Германия, Италия, Мексика, Испания, Швеция ва АҚШ жамоалари пайдо бўлади.

Виртуал аёл футболчилар ҳаётдаги каби кўринишга эга бўладилар ва ўз услубларида ҳаракат қиладилар. Electronic Arts футболчиларнинг ҳаракатларини ўйинда жойлантириш учун motion capture технологияси ёрдамида ёзиб олди.

FIFA ўйинининг аввалги версияларида аёллар терма жамоалари берилмаган. FIFA 16 ўйини 2015 йил 22 сентябрда PC, Xbox One, Xbox 360, PS4 ва PS3 ўйин приставкалари учун сотувга чиқарилади.