Канадалик ихтирочи Каталин Александр Дуру “Келажакка қайтиш” фильмидаги парвоз қилувчи скейтга ўхшаш учиш қурилмаси – ховербордни йиғди. Ихтирочи бу қурилмасида 275,9 метр узоқликка учиб, Гиннесс рекордлар китобидан ўрин олди. У аввалги рекордчилар эришган кўрсаткичдан 5 мартадан кўпроқ натижага эришишга муваффақ бўлди.

Канадаликнинг парвози акс этган видеода у ўзи ясаган қурилмада ҳавога кўтарилиб, бир неча дақиқа давомида сув устида парвоз қилгани, сўнгра кескин пастлагани тасвирланган.

“Мен бутун дунёга ховерборд барқарор парвозни таъминлашини кўрсатмоқчи бўлдим. Кўрганингиздек, инсон бу қурилмани оёқлари билан бошқариб, унда бемалол туриши мумкин”, деб айтмоқда канадалик ихтирочи.

Каталин Александр Дуру ўз ихтироси устида қарийб бир йил давомида иш олиб борди. Унинг айтишича, келажакда бу қурилмадан шаҳар ва бошқа жойларда ҳаракатланиш учун фойдаланиш мумкин. Ихтирочи агар исталса ховерборд кўпроқ баландликка кўтарилиши ва яқин орада буни намойиш қилишини таъкидламоқда.

Маълумот учун, ховерборд –парвоз қилиш учун мўлжалланган махсус доска бўлиб, у илк бор “Келажакка қайтиш” фильмида 1989 йилда намойиш қилингандан кейин кўпчилик ихтирочилар уни мустақил ясашга ҳаракат қилишган. Яқин кунгача бу қурилмада босиб ўтилган максимал масофа 50 метрни ташкил қилаётган эди.