НАТО ҳарбий қўмитаси раиси Пётр Павелнинг фикрича, Россия Болтиқбўйи ва Киевни икки кунда босиб олиши мумкин. “Прага” радиосининг хабар беришича, у Чехия пойтахтида бўлиб ўтаётган “Бизнинг хавфсизлигимиз” мавзуидаги конференция чоғида ушбу фикрни баён қилган.

Павелнинг таъкидлашича, НАТО бундай таҳдидга дарҳол жавоб қайтара олмаслиги мумкин, негаки 28 аъзоси бор альянс позициясини шакллантириш узоқ вақтни оладиган музокаралар ва бошқа расмиятчиликлар жараёнидир. Бундан ташқари, Россияга қарши ҳаракат бошлаш қарорини қабул қилиш ҳам осон бўлмайди, негаки Москва ядровий қуролни қўллаши эҳтимоли мавжуд.