28 май куни Сеулда Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари орасида ўтказилган музокаралар якунларига кўра ўртасида тўққизта ҳужжат имзоланди.


Жумладан, икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари 2015—2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади. Шунингдек, томонлар ижтимоий таъминот тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги меморандумни ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни имзолади. Шунингдек, 11 та лойиҳани ўз ичига олган 2015—2017 йилларда KOICA орқали ҳамкорлик қилиш дастурини имзоланди.

Ўзбекистон ва GS Engineering & Construction Corporation компанияси табиий газдан кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Лойиҳа қиймати 4,5 миллиард долларни ташкил этади.


Шунингдек, томонлар Жанубий Кореянинг Иқтисодий ривожланиш ҳамкорлиги жамғармаси (EDCF) орқали ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини, EDCF маблағлари ҳисобига мактабларни ахборотлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги лойиҳавий шартномани имзолади.


Бундан ташқари, томонлар ўртасида саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Корея Эксимбанки ўртасида англашув меморандуми имзоланди.