Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг касбий, маънавий ва интеллектуал ўсишига кўмаклашиш, бандлик масалаларини ҳал қилиш, меҳнат шароитини яхшилаш, айниқса, қишлоқ жойларида тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига жалб қилиш масалалари O‘zLiDeP сайловолди дастурида устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.

O‘zLiDeP Қашқадарё вилояти кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Қарши давлат университетиида “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг устувор йўналишлари” мавзусида ўтказилган ўқув-семинар ана шу вазифалар ижросини таъминлашга бағишланди.

Унда вилоят ҳокимлиги, марказий банк вилоят бош бошқармаси вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор, фермер, ҳунарманд ва олима аёллар ҳамда талаба қизлар иштирок этди.

"Ўтган  йили  аёлларнинг сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини оширишга қаратилган “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Соғломоила-мустаҳкам оила”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” лойиҳаларида 10 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз иштирок этди. Энг чекка ҳудудларда олиб борилган ишлар натижасида 247 нафар аёллар тадбиркорликка жалб этилиб, ушбу мақсадларга 903 млн сўм кредит маблағи ажратилди, бунинг натижасида  209 та янги иш ўринлари яратилди", – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилояти кенгаши раисининг Аёллар масалалари” бўйича ўринбосари И.Хушмуродова.

Лойиҳа иштирокчилардан бири, Ғузор туманидаги “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилаётган Инобат Раҳимқулова 39 млн. сўм кредит олиб, тикувчилик корхонасини ташкил этди. Натижада 5 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди.

Шунингдек, тадбирда партиянинг “Фермер аёл” лойиҳаси доирасида жойларда фермер хотин-қизларнинг тажрибасини оммалаштириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, аёллар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликлари фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиш юзасидан амалий мулоқотлар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди. Қолаверса, хотин-қизлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, оилавий корхоналар ва фермерлик фаолиятини барқарор ривожлантиришда банк-молия муассасалари томонидан амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар, тадбиркорлик лойиҳаларининг банклар орқали молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

O‘zLiDeP матбуот  хизмати билдиришича, тадбирда “Зулфия”номидаги Давлат мукофоти совриндори Гўзал Рахмонова сўзга чиқиб, ёшларимиз жамиятимизнинг барча жабҳаларида ўз имкониятлари ва салоҳиятини намоён этишлари учун барча имкониятлар яратилганлигини қайд этди. Тенгдошларини яратиб берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари, ўз устида ишлаб, ўқиб-ўрганишлари лозимлигини таъкидлади.