«Жиззах» махсус индустриал зонасида Juita Gulshana Invest Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси «Ўзбекенгилсаноат» Давлат акциядорлик команияси ҳамда Хитой давлатининг Zhejiand Juita Sewing Machine Co.LTD компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлиб, замонавий Япония технологияси асосида саноатлашган тикув дастгоҳларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Корхона йилига 15 минг дона саноатлашган тикув дастгоҳлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу кўрсаткични истеъмолчилар талабидан келиб чиққан ҳолда 2—3 баробарга кўпайтириш имконияти мавжуд. Ҳозирда «оверлог», тўғри чок тикувчи ва «распошивалка» яъни маҳкамловчи чокли саноатлашган машиналарнинг автоматик ва автоматик бўлмаган турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

"Тайёрланаётган маҳсулотлар учун зарур бўладиган эҳтиёт ва бутловчи қисмларнинг қарийб 50 фоизини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Корхо­нанинг ишга туширилиши натижасида 53 та янги иш ўринлари яратилди. Иш ўрнига эга бўлганларнинг асосий қисмини коллеж битирувчилари ташкил этмоқда", — дейди корхона очилишида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Кенжаев.

Корхона жамоаси лойиҳанинг иккинчи босқичида қўшимча инвестиция киритиб, саноатлашган тикув дастгоҳларининг асоси бўлган корпусларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.