Amazon компанияси ўзининг маҳсулотлари қаторини сезиларли кенгайтиришни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда The Wall Street Journal нашри. Хусусан, компания харидорларга сут, бошоқли маҳсулотлар ва болалар озиқаси таклиф қилмоқчи. Бундан ташқари, компания маиший кимё воситалари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Amazon ушбу бизнесини кенгайтириши анъанавий ритейлерлик моделини акс эттиради. Унга кўра дўкон пештахталарида онлайн-дўконнинг маҳсулотлари машҳур ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари билан ёнма-ён туради.

Amazon май ойида Elements бренди остида ишлаб чиқарилувчи 20 дан ортиқ маҳсулотига савдо белгисини олиш ҳақида ариза топширди. Улар орасида қаҳва, шўрва, паста, сув, витаминлар, итлар озиқаси ва хўжалик маҳсулотлари бор. Elements бренди остида биринчи бўлиб болалар тагликлари ва нам салфеткалар ишлаб чиқарилган.