Беларусь ва Покистон ҳамкорлик ҳақида декларацияни имзолади

Жаҳон 29 Май 2015 532

Беларусь ва Покистон ўзаро ҳамкорлик бўйича Исломобод декларациясини имзолади. Бу ҳақда Беларусь президенти матбуот хизмати ахборот тарқатди.
Хабарномада айтилишича, ҳужжат Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Покистон бош вазири Навоз Шариф ўртасида бўлиб ўтган музокаралари якунларига кўра имзоланган.

Таъкидланишича, Лукашенко Покистон тарафга Хитой-Беларусь саноат паркида ўз ишлаб чиқаришини йўлга қўйишни таклиф қилган. У ерда дунёнинг етакчи компаниялари ўз корхоналарини ишга туширишни режалаштирмоқда.
Айниқса Беларусь Покистон томонидан бу ҳудудда тикувчилик ва текстиль ишлаб чиқариши йўлга қўйилишидан манфаатдорлиги таъкидланган. “Сизнинг бу борада катта тажрибангиз бор, – айтиб ўтди суҳбат чоғида Лукашенко. – Бизда эса буни йўлга қўйиш учун яхши база шакллантирилган. Ва биз сиз билан биргаликда Европа марказида қўшма корхоналар очишга тайёрмиз”.
Шунингдек, Минскда Покистон элчихонасини очиш борасида келишувга эришилди.

Кўпроқ янгиликлар