28 май куни Хитойдан Марказий Осиёга биринчи мол ташувчи поезд йўл олди. Бу ҳақда “Жэньминь Жибао” газетаси хабар бермоқда.
Поезд Ланьчжоу, Урумчидан Алашанькоугача бориб, кейин Қозоғистонга, ундан эса Туркманистон ва Ўзбекистонга ўтади. Сафар вақти тахминан 9-11 кунни ташкил қилади; бу сув транспорти орқали юк ташишга кетадиган вақтдан 25 кунга камроқдир.
Чунцин ғарбидаги логистика парки бошқаруви раиси, Ло Шуцюаннинг сўзларига қараганда, дастлабки 90 кун давомида поезд ойига бир маротаба сафар қилади, кейинчалик ҳар икки ҳафтага рейслар қўйилади, келажакда эса ҳар ҳафта Марказий Осиёга поезд жўнатиш режалаштирилмоқда.
Бу поезднинг Чунцин-Шинжон-Европа махсус поездидан фарқи шундаки, у Ўрта Осиёнинг барча беш республикасидан ўтади. У бу ерларга ҳам юк етказиб беради, ҳам ушбу республикалардан юк олиб кетади.