Бугун, 29 май куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ФИФА конгресси бўлиб ўтмоқда. Бу тадбир давомида ташкилот президентлигига сайлов ҳам ўтказилади. Сайловда ушбу лавозимни 1998 йилдан буён эгаллаб келаётган Йозеф Блаттер ҳамда Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Ҳусайн ўзаро кураш олиб боради.

Йозеф Блаттер ўз чиқишида дунё футболига кучли ва тажрибали етакчи кераклигини қайд этди. Унинг фикрича ФИФА раҳбари ҳомийлар ҳамда сиёсий ҳамкорлар билан қандай ишлаш керак эканини билиши лозим бўлади.

"Мен сизлар биланман. Кимдир мени бу ўринда узоқ вақт қолиб кетганликда айбламоқда. Лекин, бу вақт тарих олдида қанча улушга эга? Менга вақт тез ўтгандек туюлади. Мен сизлар билан ишлашда давом этишни истайман. Футбол - оддий ўйин эмас. Футболга кучли ва тажрибали етакчи керак. ФИФА президенти ҳомийлар ҳамда сиёсий ҳамкорлар билан қандай ишлаш керак эканини билиши лозим. Мен сизлар билан биргаликда олға ҳаракат қилмоқчиман", дейди Блаттер ўзининг сайловолди чиқишида.