Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази дорбозлик санъатини ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мероси рўйхатига киритиш таклифи билан ариза топширди.

Таклиф аризаси Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси томонидан 2015 йилнинг ноябрь ойида кўриб чиқилади.

Маълумот учун, дорбозлик, дор ўйин — баланд дор устида томоша кўрсатиш санъати, цирк санъати жанридир. Унда дор устида ҳар қандай нотурғун ҳолатда ҳам гавда мувозанатини сақлаш маҳорати намойиш этилади.

Ўзбекистонда дорбозлик қадим тарихга эга. Баъзи манбалар Амир Темур саройида дор ўйинлари кўрсатилганини тасдиқлайди. Ўзбек дорбозлари 25 — 30 м баландлиқдаги устунларга қия қилиб тортиладиган арқон устида лангар-чўп билан боғладиган ўйинларни: югуриш, сакраш, оёқларга пичоқ ёки патнис боғлаб, шунингдек, кўзни боғлаб, бошга халта ёки қозон кийиб юриш, якка ва қўш чиғириқда ўйнаш каби турли-туман машқларни бажарган.