Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлардаги кашандалар миқдори 2 йилда 2 фоизга қисқариб, 26 фоизни ташкил қилган. Бу Еврокомиссия буюртмасига асосан TNS Opinion & Social network томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра аниқланди.
Тадқиқотдан маълум бўлишича, кашандалар сони асосан 15-24 ёшдаги одамлар орасида қисқарган (29 фоиздан 25 фоизгача). Фуқаролари энг кам тамаки чекадиган давлатлар деб Швеция (11 фоиз) ва Финляндия (19 фоиз) топилди; аксилрекордларни эса Греция (38 фоиз) ва Болгария (35 фоиз) қайд қилди.
Соғлиқни сақлаш бўйича еврокомиссар Витянис Андрюкайтиснинг сўзларига қараганда, ЕИ фуқаролари дастлабки сигаретани ўртача 17.6 ёшида чекиб кўради.
“Тадқиқот якунлари кўрсатиб турибдики, айниқса ёшлар орасидаги кашандаликка қарши кураш ҳали ғалаба билан якунланмади. Европаликлар ўсмирлик ёшида тамаки чекишга қизиқиб қолаётганларини ҳазм қилиб бўлмайди”, – унинг сўзларини келтиради РИА Новости.
Тадқиқот Европадаги тамакисиз кун (31 май) арафасида ўтказилди.