Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 27-28 май кунлари Ал-Кувайт шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 42-сессиясида иштирок этди.

ИҲТга аъзо давлатлар ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашишди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилишди ва ИҲТ фаолиятига оид масалаларни кўриб чиқишди.

ТИВКда иштирокчи давлатлар делегациялари, қатор халқаро ва миллий молия институтлари раҳбарлари иштирок этди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон томони таклифига кўра ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016 йилдаги навбатдаги сессиясини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.