Lenovo яширин дисплейга эга “ақлли” соат концептини намойиш қилди

Технология 29 Май 2015 1496

Lenovo компанияси тасвирни фақатгина соат эгаси кўриши мумкин бўлган қўшимча экранга эга Magic View “ақлли” соатларини тақдим қилди.

Magic View соати Lenovo ишлаб чиқарган биринчи “ақлли” соат бўлиб, соат Пекинда бўлиб ўтган TechWorld анжуманида намойиш этилди. Қурилма Android Wear операцион тизимида эмас, балки компаниянинг ўзи ишлаб чиқққан Android дастурида ишлайди.

Маълумотларга кўра, Magic View соатининг ташқи кўриниши Moto 360 соатига ўхшайди ва унга ўхшаш қалинликдаги корпусга ва юмалоқ дисплейга эга.

Lenovo соатларининг асосий устунлиги шундаки, қурилманинг пастки қисмида, боғични маҳкамлайдиган жойда қўшимча экран мавжуд. Virtual Interactive Display (виртуал интерактив дисплей) технологияси асосида бажарилган ушбу дисплей махфий, фақатгина соат эгаси кўриши мумкин бўлган ахборотни кўрсатиш учун яратилган. Ундаги тасвир узоқдан хира бўлиб кўринади, бироқ соатнинг эгаси уни юзига олиб келса, ундаги тасвир тиниқлашади.

Манбалар берган маълумотларга кўра, ушбу экранда бемалол видео кўриш мумкин. Бироқ уларнинг айтишича, дисплей имкониятлари ёпиқ хонада намойиш қилинган ва у ўзини қуёшли жойларда қандай тутиши номаълумлигича қолган.

Компаниянинг таъкидлашича, Magic View фақатгина концепт бўлиб, сотувга чиқарилмайди, бироқ унда қўлланган технологиялар компаниянинг бўлғуси лойиҳалари асосига ётиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар