Россияликлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларидан маълум бўлишича, улар мушук Леопольдни энг ижобий мультфильм қаҳрамони деб ҳисоблашади. Салбий қаҳрамонлар рейтингида эса биринчилик Ўлмас Кашчейга насиб қилди.

Сўровнома Superjob.ru портали тадқиқот маркази томонидан ўтказилди.
Ўлмас Кашчейни сўровномада иштирок этганларнинг 63 фоизи энг салбий қаҳрамон деб ҳисоблаши маълум бўлди. Иккинчи ўринни Ялмоғиз кампир 47 фоиз овоз билан эгаллади. Карабас-Барабас ва Бармалей эса 24 ва 23 фоиз овоз тўплади.
Шунингдек, Змей Горинич ва Кулранг бўри, Қор маликаси ва бошқа салбий қаҳрамонлар рейтингдан ўрин олди.

Чет эл мультфильмларининг салбий қаҳрамонлари ичидан Волан-де-Морт (4 фоиз) ва Кўксоқол (3 фоиз) рейтингга киритилди.
Леопольддан ташқари (18 фоиз овоз), россияликлар уч паҳлавонни (16 фоиз), Кулойим ва Винни-Пухни (12 фоиздан) энг ижобий қаҳрамонлар сирасига киритди.
Шунингдек, Чебурашка, Крокодил Гена бошқа эртак қаҳрамонлари “ижобий” рейтингдан ўрин олди.