Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашуви вақтида Қозоғистоннинг Хитой билан чегарасидан бошланган ва Қозоғистон бўйлаб ўтадиган трассани Санкт-Петербурггача узайтириш бўйича таклиф киритган. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар бермоқда.

"Биз Россия ва Хитой оралиғидаги 2,7 минг километрлик замонавий автомобил магистралининг Қозоғистондаги қисмини қуриш ишларини якунламоқдамиз. Мен Дмитрий Анатольевич Медведевдан бу трассани узайтиришни илтимос қиламан", деган Назарбоев МДҲ давлатларининг ҳукумат раҳбарлари иштирокида ўтаётган мажлис доирасидаги учрашув вақтида.

У трассани Санкт-Петербург шаҳригача узайтиришни илтимос қилган.

Назарбоевнинг фикрича, автомагистрални узайтириш орқали бир қатор истиқболли иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш мумкин бўлади. У бу лойиҳа Қозоғистондан ташқари Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларининг иқтисоди ривожланишида ҳам ўрин тутишини таъкидлаган.