Ўзбекистон ва Жанубий Корея электрон давлат хизматлари йўналиши бўйича тажриба алмашмоқда.

Етакчиликни ривожлантириш бўйича глобал дастур иштирокчилари ҳозирда Корея Республикасида Раҳбар шахсларни тайёрлаш бўйича марказий институтда таҳсил олишмоқда. Бу узоқ муддатли таълим дастури апрель ойидан октябрь ойигача давом этади ва унда ўзбекистонлик 13 нафар давлат хизматчиси иштирок этмоқда.

Биринчи 4 ойда ўзбекистонлик вакиллар Корея Республикаси давлат бошқаруви ва ички ишлар вазирлиги, Ахборот жамияти Миллий агентлиги ва Раҳбар шахсларни тайёрлаш марказий институтида инновацион ва маъмурий тартиботлар сиёсати, электрон давлат хизматлари ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари билан танишадилар. Кейинги 2 ой давомида дастур тингловчилари маҳаллий ИТ-компаниялар, давлат ташкилотлари ва университетларда ахборот-коммуникацион технологияларни қўллаш мисоллари ҳақида маълумотларга эга бўлишлари мумкин бўлган амалий тайёргарлик ўтказилади.

Ушбу дастур 2014 йил апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Кореянинг Раҳбар шахсларни тайёрлаш марказий институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик ҳақидаги Меморандумга биноан давлат хизматчилари малакасини ошириш мақсадида ташкил этилган. Дастур “электрон ҳукумат” соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.