Россия президенти Владимир Путин мансабдор шахслар хизматлари давомида олган қимматбаҳо совғаларни раҳбариятга топширишлари краклиги ҳақида фармойиш берди, деб хабар бермоқда “Интерфакс” ахборот агентлиги.

Путин фармойиши “Россия Федерациясида муайян давлат лавозимлари, федерал давлат хизматида муайян лавозимларни эгалловчи шахслар, Россия субъектларининг юқори лавозимдаги шахслари ўз хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ протокол тадбирлари, хизмат сафарлари ва бошқа расмий тадбирларда совға олганлари ҳақида хабардор этишлари, уларни тегишли жойга топширишлари, совғанинг нархини аниқлаш ва уни сотиш тартибини” белгилайди.

Хавфсизлик кенгаши котиби, вазирлар, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилишга ваколатли шахслар, губернаторлар ва бир қатор бошқа амалдорлар барча олган совғалари ҳақида президент маъмуриятини хабардор этишлари керак бўлади.

Совға олган амалдор уч кун ичида уни топшириши керак бўлади. “Совғани топширган шахс сотиб олиш ҳақида ариза топшириб, уни давлатдан сотиб олиши мумкин”, дейилмоқда ҳужжатда.