Жорий йилда Қирғизистонда томчилатиб суғориладиган далаларнинг умумий майдони 4,5 минг гектарга етказилиши режалаштирилмоқда . Бу ҳақда Қирғизистон қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Таалайбек Айдаралиев маълум қилди.

Айдаралиев айни кунда мамлакатда 250 гектардан кўпроқ ер томчилатиб суғориш тизимига эгалигини таъкидлаб ўтди. Ўртача ҳисобда 1 гектар майдонга бу тизимни ўрнатиш учун 1,5 минг доллар сарфланади.

Қирғизистонда ресурсларни тежовчи технологияларни фаолроқ жорий қилиш учун фермерларни ўқитиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

“Ўтган йилнинг сентябрь ойида 20 нафар фермерни улар замонавий томчилатиб суғориш тизимлари билан яқиндан танишишлари учун Хитойга олиб бордик. Хитойда 1,2 млн гектар ер майдонининг 900 минг гектарида ушбу тизим жорий қилинган”, деб айтди Айдаралиев.