Нью-Йорк штати собиқ губернатори Жорж Патаки АҚШ президентлиги учун курашда иштирок этишини маълум қилган.

69 ёшли сиёсатчи ўзининг веб-сайтидаги видеороликда “Биз ягона халқ эканлигимиз борасидаги руҳиятни қайтаришимиз лозим”, - дейди.

Патаки Нью-Йорк губернатори лавозимида 1995-2006 йилларда фаолият олиб борган.

Аввалроқ республикачилардан 7 нафари (Марко Рубио, Тед Круз, Рэнд Пол ва Марк Хакаби, собиқ сенатор Рик Санторум, Hewlett-Packard компанияси собиқ раҳбари Карли Фиорина, таниқли нейрохирург Бен Карсон) ўзининг президент сайловида иштирок этишини эълон қилган эди. Бундан ташқари, Флорида штатининг собиқ губернатори Жеб Буш ва Висконси штатининг амалдаги губернатори Скотт Уокер ҳам ўз иштирокини эълон қилиши кутилмоқда.

Демократлардан АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва сенатор-либерал Берни Сандерс иштироки маълум қилинган.

Президент сайлови АҚШда 2016 йил ноябрида бўлиб ўтади.