Тошкент шаҳрида Ўзбекистон кардиологларининг VII съезди бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Кардиологлар уюшмаси, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Жанубий Корея, Ҳиндистон, Германия, Швейцария, Россия, Венгрия, Польша, Чехия ва бошқа мамлакатлардан юзга яқин олимлар, шифокорлар, ёш тадқиқотчилар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 


Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов, Кардиологлар уюшмаси раиси Р.Қурбонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналишлари, хусусан, кардиологияни изчил ривожлантириш, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ва улар юксак самаралар бераётганини алоҳида таъкидлади.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолар экан, ўтган даврда мамлакатимизда тиббий хизматнинг жаҳон андозалари даражасидаги ўзига хос миллий модели яратилганини таъкидлади.

Съезд мажлисларида мамлакатимиз ва дунёда кардиология соҳасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди. Юрак-қон томир касалликлари билан касалланиш ва ўлим кўрсаткичини камайтиришнинг стратегик вазифалари, мазкур хасталикларнинг турли клиник шаклларини диагностика қилиш ва даволашнинг долзарб муаммолари, артериал гипертония, сурункали юрак етишмовчилигини даволашнинг замонавий имкониятларига оид масалалар атрофлича муҳокама этилди.