АҚШлик 39 ёшли Ричард Норрисга ўлган одамнинг юзи кўчириб ўтказилди. Норрисга автоҳалокатда ҳалок бўлган 21 ёшли Жошуа Аверсанонинг юзи кўчириб ўтказилди. Бу ҳақда Metro портали хабар бермоқда.

Юзни кўчириб ўтказиш бўйича операция 36 соат давом этди, бундан кейин мижознинг яшаб кетиши 50 фоизни ташкил қилган.

Ричард 1997 йилда ўзининг бошига беихтиёр ўқ узганда юзига шикаст етказган эди. У 30 дан ортиқ пластик жарроҳлик операцияларини бошидан ўтказган, бироқ кутилган натижага эриша олмаган. Унга ҳалок бўлган ўсмирнинг оиласи ёрдам берди. Улар ўз фарзандларининг юзини кўчириб ўтказишга рози бўлишди.
“Биз оғир жудоликни бошимиздан ўтказган бўлсак ҳам унга ёрдам берганимиздан жуда хурсандмиз”, деб айтди ҳалок бўлган ўсмирнинг онаси.
Аёл қандайдир маънода Ричардда ўз фарзандини кўра олиши мумкинлигини қўшимча қилиб ўтган.
Бу воқеа ҳақида CTV News телеканали бир соатлик фильм суратга олди. Унда Жошуа Аверсанонинг синглигиси Ричард билан танишишга келади. Кўрсатув анонсида қиз Ричарднинг уйига киради, унинг янги юзини кўриб, унга қўлини текказиб кўришни сўрайди. “Мен бу юз ёнида ўсгандим”, дейди қиз. Фильм 31 майда АҚШда намойиш этилади.
Маълумот учун, одамзод тарихида илк бор россиялик дастурчига бош кўчириб ўтказилади. Бу операция 2017 йилда ўтказилиши режалаштирилган. 30 ёшли россиялик орқа мушак атрофияси синдромидан азият чекади.