Дунё океани сатҳи аввал тахмин қилингандан тезроқ суръатда кўтарилаётгани аниқланди. Бу келажакда баъзи ерларга жиддий хавф солмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Metro нашрида маълум қилинди.

Аввал олимлар охирги 20 йил ичида дунё океани сатҳи ўсиш суръати секинлашаётганини тахмин қилишганди, бироқ Тасмания университетида олинган янги тадқиқот натижалари бунинг аксини кўрсатмоқда.

Геодезиячи Кристофер Уотсон ва унинг ҳамкасблари бу ҳолатни эски маълумотларни ўзларининг ўтган йилдаги дунё иқлими ўзгаришлари ҳақидаги ҳисоботлари натижалари билан солиштириб исботлашга муваффақ бўлишди.

“Денгиз сатҳи тез суръатларда кўтарилмоқда. Бу жараён охирги 20 йил ичида 20 асрга нисбатан тезлашганини аниқладик ва у тезлашишда давом этмоқда”, деб айтди Уотсон.

Бу Мальдив ороллари каби ерлар биринчи бўлиб сув остида қолиши мумкинлиги англатади.
Бу ороллар денгиз сатҳидан бор-йўғи 1,5 метр баландликда жойлашган. БМТ ороллар аҳолисини ўз жойларини ташлаб кетишларига мажбур бўлишлари мумкинлигидан огоҳлантирган.

Тувалу ва Полинезия ороллари ҳам хавф остида қолмоқда. Экспертлар денгиз сатҳи яна бир метрга кўтарилса, Бангладешнинг ярми сув остида қолишини прогноз қилишмоқда. Олимлар денгиз сатҳининг кўтарилишига глобал иссиқлик сабаб бўлаётганини айтишмоқда.