Футбол бўйича Жаҳон чемпионати U-20 ўтказиладиган шаҳарлар ва стадионлар

Спорт 30 Май 2015 3310

30 май куни Янги Зеландияда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига старт берилди.
Кичик мундиалнинг дастлабки ўйинида майдон эгалари Янги Зеландия ёшлари украиналик тенгдошларига қарши майдонга тушишди. Ўйинда ҳисоб очилмади. Бугунги кун тақвимидан АҚШ – Мьянма, Аргентина – Панама ва Гана – Австрия учрашувлари ўрин олган.
Мазкур мусобақада Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги терма жамоа гуруҳдаги дастлабки ўйинни 1 июнь куни Тошкент вақти билан соат 09:00да бошлайди. Уларга Гондурас U-20 терма жамоаси рақиблик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-20 жойлашган “F” гуруҳдан Гондурасдан ташқари Германия ва Фижи термалари жой олишган.
Қуйида чемпионат ўтказиладиган шаҳарлар ва ўйингоҳлар ҳақида маълумот берилади.

1. Окленд шаҳри. Янги Зеландиянинг иқтисодий пойтахтига 1840 йилда асос солинган. Шаҳар аҳолиси 1,4 млн кишини ташкил этади


Шаҳардаги North Harbour Stadium марказий ўйингоҳи 1997 йилда қурилган бўлиб, 25 317 кишини ўзида сиғдира олади.

2. Данидин шаҳри Янги Зеландиянинг жанубидаги иккинчи оролидаги кичик шаҳарча бўлиб, бу шаҳарга 1848 йилда асос солинган. Айни вақтда бу ерда 120 минг киши истиқомат қилади.


Шаҳардаги Otago Stadium стадиони 2011 йилда барпо этилган. Бу ўйингоҳ трибуналарида 23 095 киши ўтириб, ўйинларни томоша қилиши мумкин бўлади.

3. Нью-Плимут шаҳри Таракана туманининг маъмурий маркази ҳисобланади ва бу шаҳар денгиз қирғоғида жойлашган. Шаҳар аҳолиси 74 минг кишидан иборат.


Шаҳардаги марказий футбол стадиони Stadium Taranaki деб номланади ва бу стадион 2002 йилда қурилган, сиғими 18709 киши.

4. Фангареи Янги Зеландиянинг энг кичик шаҳарларидан бири бўлиб, тоғ этагидаги бу шаҳар 1839 йилда барпо этилган. Айни вақтда бу ерда 54 минг киши истиқомат қилади.


Northland Events Centre стадиони 1965 йилда қурилган. Сиғими эса 8016 киши ҳисобланади.

5. Ўзбекистон терма жамоаси турнирдаги илк ўйинларини ўтказадиган Крайстерч шаҳри 1848 йилда бино бўлган. Йириклиги бўйича мамлакатда учинчи ўринда турадиган бу шаҳарда 341 минг киши умргузаронлик қилади.


Мамлакатнинг энг кўҳна стадиони Christchurch Stadium 1912 йилда қурилган. Бу ўйингоҳда 17308 киши баҳсларни кузатиши мумкин бўлади.

6. Гамильтон шаҳри 1830 йилда барпо қилинган ва ҳозирда бу шаҳарда 153 минг киши яшайди.


Дарёнинг икки ёқасидаги бу шаҳарнинг марказий ўйингоҳи Waikato Stadium 2002 йилда фойдаланишга топширилган. Сиғими - 24237 томошабин.

7. Веллингтон Янги Зеландиянинг расмий пойтахти ҳисобланади. Бу шаҳар орол ичкарисидаги кўл атрофида 1840 йилда барпо бўлган. Шаҳар аҳолиси 393 мин киши.


Wellington Regional Stadium ўйингоҳи 2000 йилда қурилган бўлиб, 35187 нафар томошабин учун мўлжалланган.

Кўпроқ янгиликлар