29 май куни Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси (UzTEA) қошидаги YLDP — "Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси" ва “Абитуриент” газетаси хамкорлигида ўтказилган Республика иншолар танлови финал босқичи ҳамда ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросим Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Сардорлар суҳбати” сўзлашув клубининг навбатдаги йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Клубнинг бу галги йиғилишига инглиз тилида равон сўзлашадиган спортчи ва хонандалар ташриф буюрди. Оғир атлетика бўйича ҳакам Амир Садуллоев, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин, “Бунёдкор” футбол клуби ҳимоячиси Жасур Ҳасанов ҳамда хонанда Жасур Мирсагатов клуб қатнашчилари билан муваффақиятга эришиш ҳақида суҳбатлашди.

Танлов ташкилотчиси Миржалол Мирсабитовнинг берган маълумотларга кўра, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида бўлиб ўтган мазкур танлов икки босқичли бўлиб, саралаш босқичи учун юртимизнинг барча вилоятларидан 350дан ортиқ иншолар қабул қилинди.

Мутахассислар таркиб топган ҳакамлар ҳайъати ҳар бир ҳудуддан битта энг яхши иншо муаллифини танлаб олди. 12та вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан жами 14 нафар қаламкаш YLDP ресурс ва тренинг марказида йиғилиб, финал босқичида иштирок этади. Белгиланган вақт ичида назоратчилар кузатувида иншо ёзган қатнашчилар учун тадбир доирасида Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди. 

Иншолар танлови қуйидаги мавзуларга бағишланади:

Саралаш босқичи: Why do I love my motherland Uzbekistan? (Мен нечун севаман Ўзбекистонни?) 

Финал босқичи: Well-educated, smart and proactive youth hold the key to Uzbekistan’s future prosperity. (Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги зиёли, ақлли ва фаол ёшлар қўлида)

Танловда натижалари:
1-ўрин – Солиҳа Шаҳобиддинова, Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети академик лицейи ўқувчиси (2 миллион сўм);
2-ўрин – Азиза Раҳматова, Бухоро маиший-хизмат ва сервис коллежи ўқувчиси  (1 миллион сўм);
3-ўрин – Динара Омонова, Урганч туризм ва бизнес касб-ҳунар коллежи ўқувчиси         (500 минг сўм)

Таъкидлаш жоиз, илк бор YLDP лойиҳаси Республика миқёсида ёшлар ўртасида инглиз тилида иншолар ёзиш танловини ўтказиш ташаббусини 2014 йилнинг баҳорида кўрсатган эди. Ҳар баҳор ва куз ойларида анъанавий тарзда ташкил этиладиган иншолар танловида биринчи сафар 100дан ортиқ, 2014 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган кузги танловда эса 200га яқин ёшлар қатнашган.